Эстониядаги ҳайвонот боғида шер коронавирусга чалинди

Эстония пойтахти Таллин шаҳридаги ҳайвонот боғида 13 январь куни буйрак етишмовчилиги сабабли эвтанизация қилинган эркак шер коронавирус юқтириб олди. Бу ҳақда 20 январь, чоршанба куни «Delfi» агентлиги маълум қилди.

Фото: «Getty Images»

Хабарга кўра, Жуна лақабли шерга 2020 йилда ветеринария текшируви пайтида буйрак етишмовчилиги ташхиси қўйилган. 2021 йил январь ойининг биринчи ҳафталарида Жунанинг аҳволи кескин ёмонлашган. Кейинчалик оғриқлардан сўнг шер ухлаб қолган.

«Буйрак етишмовчилигидан ташқари, ҳайвонда юқори нафас йўлларининг касаллик аломатлари кузатилди. Текширув натижалари эса шер чиндан ҳам COVID билан касалланганини кўрсатди», дейилади мақола.

Натижаларни олгандан сўнг ҳайвонот боғи раҳбарияти шер билан бевосита ёки билвосита алоқада бўлган барча ходимларни коронавирус ва антитана тестларини топширишга жўнатган. Ҳозиргача ўтказилган 13 та тестда инфекция учун ҳам, антитана учун ҳам салбий натижа қайд этилган. Таллин ҳайвонот боғи ходимларининг яна иккита синов натижалари кутилмоқда. Боғ директори Тиит Мараннинг сўзларига кўра, шер вирусни қандай қилиб юқтиргани маълум эмас.

Таъкидланишича, бошқа ҳайвонларда коронавирус аломатлари йўқлигига қарамай, ҳайвонот боғи юқтириш хавфи бўлганларни синовдан ўтказади.

Аввалроқ Испаниядаги ҳайвонот боғида 4 та шер коронавирусга чалингани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, АҚШдаги ҳайвонот боғида 2 горилла COVID-19’га чалинган.