Ўзбекистонда банкларнинг қарздорларга тунги вақтда қўнғироқ қилиши тақиқланди

Ўзбекистонда эндиликда банк хизматлари истеъмолчисига мавжуд қарзлар ҳақида соат 20:00 дан 8:00 гача қўнғироқ қилиши тақиқланди. Бу ҳақда «Norma» хабар берди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, бу Марказий банк томонидан 14 январь куни қабул қилинган «Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қарорга киритилган.

Мазкур қарор билан, шартнома масофавий хизмат кўрсатиш тизимлари орқали тузилганда, истеъмолчи шартнома тузилган кунда, мазкур тизимлар орқали шартномадан фойдаланиш ва ундан нусха олиш ҳуқуқига эга. Истеъмолчига ўзининг шахсий кабинетида (веб-сайтида, интернет-банкинг тизимида/мобиль иловасида) нафақат кредит шартномаси тўғрисидаги, балки банк омонат шартномаси тўғрисидаги ахборотдан фойдаланиш имконияти тақдим этилади

Шунингдек, энди банкларга қуйидагилар тақиқланди:

  • микроқарз шартномалари бўйича йиллик қарз суммасининг ярмидан кўп миқдорида фоизлар ҳисоблаш, комиссия ва «неустойка» (жарима, пеня) ундириш, жавобгарликнинг бошқа чораларини қўллаш;
  • кредит буюртмаларини кўриб чиқиш, ссуда ҳисоб рақамларига хизмат кўрсатиш, кредитлар ажратиш учун тўловлар, шунингдек, жисмоний шахслар ва кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан кредитлар (микроқарзлар)ни муддатидан илгари қоплаш учун «неустойка» (жарима, пеня) ундириш.

Қайд этилишича, банк хизматлари истеъмолчисига мавжуд қарзлар ҳақида маҳаллий вақт билан соат 20:00 дан 8:00 гача оғзаки эслатмалар қилишга йўл қўйилмайди. Ҳужжат 15 апрелидан бошлаб кучга киради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда ислом молияси концепциясини ўз ичига олган нобанк кредит ташкилотлари очилиши ҳақда хабар берилган.

Янгиликлар