Сирдарёда «Жиҳодчилар» гуруҳи аъзолари қўлга олинди

Сирдарё вилоятида 21 январь куни «жиҳодчилар» экстремистик оқимининг яширин гуруҳи аъзолари қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Сирдарё вилоят ахборот хизмати

Хабарга кўра, 21 январь куни Сирдарё вилояти бўйича Давлат хавфсизлик хизмати бошқармаси ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда «жиҳодчилар» экстремистик оқимининг яширин гуруҳи фаолиятига чек қўйилди. Мазкур гуруҳнинг 2 нафар етакчиси Россияда мавсумий ишлаши давомида радикал гуруҳлар таъсирига тушиб, яшаш жойига қайтиб келганидан сўнг аҳоли орасида ўзларининг бузғунчи ғояларини тарғиб қилиш ва ижтимоий тармоқлар орқали халқаро террорчилик ташкилотлари ғоявий раҳномаларининг маърузаларини тарқатиш билан шуғулланган.

Жумладан, Олий суднинг қарори асосида таъқиқланган экстремистик ва террорчилик гуруҳларга алоқадор шахсларнинг мақола ва маърузаларини интернет тармоғидан юклаб олиб, уларни сақлаш ва атрофдагиларга тарқатиш, шунингдек, Сурияда давом этаётган қуролли тўқнашувларда иштирок этувчи террорчилик гуруҳларни молиялаштириш билан шуғулланган.

Ушбу жиноий гуруҳ раҳбарлари 2020 йилда Сардоба сув омбори билан боғлиқ сув тошқини оқибатида талофат кўрган масжидларнинг қайта қурилишига моддий кўмак йиғишни айтиб, Telegram’да ҳайрия гуруҳини очиб, муқаддас қадамжонинг қайта қурилишига ўз ҳиссасини қўшмоқчи бўлган мусулмонларни алдаб, улар томонидан банк пластик картасига туширилган маблағларни Сурияга жўнатиш билан шуғулланган.

Бундан ташқари, қўлга олинганлардан баъзилари карантин чекловлари бекор қилингач, Сурияга чиқиб кетишни режалаштириш мақсадида ушбу мамлакат ҳудудидаги маслакдошлари билан алоқада бўлиб келган.

Таъкидланишича, ДХХ Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси томонидан кўрилган чоралар натижасида ушбу экстремистик гуруҳнинг аҳолига салбий таъсири ва ёшларни бузғунчи йўлларга бошлашининг олди олиниб, вилоят ИИБ билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида экстремистларнинг барча аъзолари қўлга олиниб, яшаш манзилларида ўтказилган тинтув-тергов харакатлари давомида уларнинг жиноий фаолиятини фош этувчи далилий ашёлар олинди.

Ҳозирда Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов-суриштирув ишлар давом эттирилмоқда.

Аввалроқ Фарғонада тақиқланган диний маърузаларни тарқатиб келган 18 ёшли йигит суд қилингани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Фарғонада Telegram орқали ИИБ ходимини «жиҳод»га ундаган 22 ёшли қиз қўлга олингани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар