Бектемирда қиймати 2 млн доллар бўлган марказда замонавий автотранспорт ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқарилади (фото)

Шавкат Мирзиёев 21 август, жума куни Тошкент шаҳрининг Бектемир туманига ташриф буюриб, у ерда бажарилаётган ишлар, саноат корхоналари фаолияти билан танишаётганлиги маълум қилинганди. Давлат раҳбари, шунингдек, Бектемир туманидаги «Cooperation LAB» тармоқлараро кооперацияни ривожлантириш марказига ташриф буюрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Хабарда таъкидланишича, «UzAuto Motors», «СамАвто», «JV MAN Auto – Uzbekistan», «General Motors Powertrain Uzbekistan» сингари корхоналарда замонавий автотранспорт ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқарилади. Шу билан бирга, кўплаб эҳтиёт қисмлар хориждан олиб келинмоқда. Бозор конъюнктураси ва саноат корхоналаридаги талабни таҳлил қилиш асосида янги эҳтиёт қисмларни ўзлашириш чоралари кўрилмоқда. «Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси ташаббуси билан Бектемир туманида «Cooperation LAB» тармоқлараро кооперацияни ривожлантириш маркази шу мақсадда ташкил этилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Лойиҳа қиймати 2 миллион доллар бўлган бу масканда 50 киши иш билан таъминланган. Марказ ғоядан растагача тамойили асосида автомобилсозлик соҳасида тармоқлараро кооперацияни ривожлантириш, импортни камайтириш ва маҳаллийлаштириш даражасини ўстиришга мўлжалланган.

«Ҳудуддаги доимий ишлайдиган кўргазма павильонида ‘Ўзавтосаноат’ ва бошқа компаниялар томонидан мамлакат автобозорига импорт қилинаётган бутловчи деталлар, хом ашё ва материаллар намойиш қилинади. Улар Ўзбекистон ҳудудида, жумладан, мавжуд корхоналарда ишлаб чиқариш ҳажмларини ва эҳтимолий йўналишларни намойиш этиш ҳамда импорт маҳсулотларни маҳаллийлаштириш учун тақдим этилади. Шунингдек, республикадаги хом ашё ва ишлаб чиқариш ресурсларидан кенг фойдаланиш рақобатбардош маҳсулотлар тайёрлаш ва бутловчи қисмлар импортини қисқартиришга хизмат қилади», — дейилади хабарда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум бўлишича, давлат раҳбари марказнинг кооперация алоқаларига оид тақдимотлар билан танишган. Малакали конструктор ва олимларни жалб қилиб, янги техникаларни ўзлаштириш ва буюртма асосида етказиб бериш муҳимлигини таъкидлаган.

«Машинасозлик ва электротехника соҳасида кооперацияни кенгайтиришда янги очилган ‘Cooperation LAB’ маркази катта салоҳиятга эга. Марказ тадбиркорларга ‘ғоядан – тайёр маҳсулотгача’ инжиниринг, техник ечимлар ва бозор топиш имконини беради», — дея қўшимча қилинади хабарда.

 

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунигдек, вилоят ҳокимларига тадбиркорлар гуруҳларини шакллантириб, марказ билан бирга саноат кооперациясидаги янги лойиҳа таклифларини ишлаб чиқиш топшириғи берилган. Марказда ишлаб чиқилган таклифларни «лойиҳалар фабрикаси» орқали молиялаштириш учун тижорат банклари билан ҳамкорлик ўрнатиш кераклиги айтилган.

Аввалроқ Президент «Бектемир металл конструкциялари» масъулияти чекланган жамият заводига боргани, Бектемирдаги лойиҳа қиймати 3 миллион доллар бўлган қўшма корхона фаолияти билан танишгани ва «Бинокор» корхонасини хамда тўқимачилик корхонасини бориб кўргани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар