Шавкат Мирзиёев Бектемирдаги «Бинокор» корхонасини бориб кўрди (фото)

Президент Шавкат Мирзиёев Бектемир туманидаги «Бинокор» масъулияти чекланган жамиятнинг ишлаб чиқариш майдонига борди. Бу ҳақда Президет матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президет матбуот хизмати

Маълумотларга кўра, давлат раҳбарининг туманга аввалги ташрифи чоғида бу корхона фаолияти ҳақида тақдимот ўтказилган эди. Умумий қиймати 50 миллион доллардан зиёд бўлган лойиҳанинг биринчи босқичи 2018 йилда ишга туширилган. Бугунги кунда иккинчи босқичи фаолият бошлаш арафасида.

Фото: Президет матбуот хизмати

Бунинг учун янги мажмуага Германиянинг «Vollert», «Würschum», Италиянинг «Maema», «Schnell», «AWM», Россиянинг «Точная Строительная Механика», «Грузоподъем», Польшанинг «Airpol» ва Испаниянинг «Azcona Y Pantoja SL» компаниялари билан ҳамкорликда замонавий технология ва дастгоҳлар ўрнатилган.

Фото: Президет матбуот хизмати

Шунингдек, «Бинокор» корхонасида тайёрланаётган темир-бетон панеллар кўп қаватли уйлар ва бошқа иншоотлар қуришда қўлланилмоқда. Ҳозиргача бу ерда 1200 дан зиёд муҳандис ва мутахассислар ишлаб, йилига 150 000 квадрат метр маҳсулот ишлаб чиқараётган эди. Корхона тўлиқ ишга тушгач, йилига яна 180 000 квадрат метр қурилиш панели тайёрланиб, қўшимча 670 та иш ўрни яратилади.

Фото: Президет матбуот хизмати

Президент масъулияти чекланган жамиятнинг моддий-техник базасидан фойдаланиб, бу ерда ўқув-амалиёт комбинати ташкил этиш бўйича кўрсатма берди.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев раислигида 20 август куни янги тизим, тартиб ва ёндашувлар асосида иқтисодий фаолликни ошириш ҳамда ҳар бир туман ва шаҳарга қўшимча захира яратиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилгани, Президент хорижда ишлаётган фуқароларга патент ва суғурта харажатлари учун 10 миллион сўмгача кредитлар ажратиш ҳақида кўрсатма бергани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар