«Узоқ йиллар давомида машаққат билан етиштирган пахтамиздан фойдани бошқалар кўрарди». Президент Бектемирдаги тўқимачилик корхонасини бориб кўрди

Шавкат Мирзиёев 21 август, жума куни Бектемир туманидаги «Metal Processing» масъулияти чекланган жамиятда тайёрланаётган маҳсулотларни кўздан кечирди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, умумий қиймати қарийб 34 миллиард сўм бўлган мазкур лойиҳа саноатни маҳаллийлаштириш, импорт ўрнини тўлдиришда жуда муҳим аҳамиятга эга. «Metal Processing» МЧЖда тўқимачилик корхоналари буюртмаси асосида дастгоҳлар учун қоплама ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарилмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистондаги 12 та йирик текстил мажмуаси билан ҳамкорлик ўрнатилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Узоқ йиллар давомида вазият шундай эдики, машаққат билан етиштирган пахтамиздан фойдани бошқалар кўрарди. Кейинги пайтларда унинг юртимизда қайта ишлаш даражаси кескин ошди. Тўқимачилик кластерлари пайдо бўлди. Уларнинг замини — пахтани қайта ишлаш. Бунинг учун эса илғор техникалар, сервислар керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

Корхонада 85 нафар мутахассис фаолият олиб боради. Швейцариянинг «SkillSonics International AG» компанияси билан ҳамкорлик асосида металлга ишлов беришда жаҳон стандартларидан фойдаланиб келинмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Бундай корхоналарнинг ‘юраги’ — муҳандис, конструкторлар. Aфсуски, бизда кўп заводларнинг шундай ‘юраги’ йўқ. Aқлли мутахассисларни топиб, қўллаб-қувватласак, маҳаллийлаштиришга катта ҳисса қўшади», — дея таъкидлаган Президент.

Шу ерда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти кафедралари бўлимини очиб, амалиётни кенгайтириш лозимлиги қайд этилди. Кооперация асосида буюртмани кўпайтириш, корхона рентабеллигини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Aввалроқ Шавкат Мирзиёев Бектемир туманига ташриф буюриб, у ердаги саноат корхоналари фаолияти билан танишгани ҳақда хабар берилганди. Шунингдек, Президент тумандаги «Бинокор», «Prof-Milk» корхоналари фаолияти билан танишгани хабар қилинган.

Янгиликлар