Фарғонада маст йигит бошқарувидаги «Москвич» каналга тушиб кетиши оқибатида 19 ёшли қиз ҳалок бўлди— видео

Фарғона вилояти Қўштепа туманида маст йигит бошқарувидаги «Москвич» каналга тушиб кетиши оқибатида 19 ёшли қиз вафот этди. Бу ҳақда «Zamon» информацион дастурида хабар берилди.

Кадр: Telegram

Хабарга кўра, воқеа Шодлик маҳалласи ҳудудида соат тахминан 20:40 ларда содир бўлган. Марғилон шаҳар Маориф маҳалласида яшовчи фуқаро «Москвич» русумли машинани бошқариб кетаётиб, кутилмаганда бошқарувни йўқотган ва Катта Фарғона каналига тушиб кетган. Таъкидланишича, ҳайдовчи амаллаб сувдан чиқиб олган. Шундан сўнг у билан суҳбат ўтказилганда машинани маст ҳолда бошқаргани маълум бўлган.

Қайд этилишича, машина сувдан олиб чиқилган вақтда автомобиль ичида бўлган Ёзёвон туманида яшовчи 2001 йилда туғилган қиз ҳалок бўлгани аниқланган. Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан туман Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ Самарқандда «Nexia» пастликка тушиб кетиши оқибатида ҳайдовчи вафот этгани ва маст ҳайдовчи бошқарувида бўлган «Matiz» каналга тушиб кетгани ҳақида хабар берилганди.