Самарқандда маст ҳайдовчи бошқарувида бўлган «Matiz» каналга тушиб кетди — видео
Самарқанд вилояти Нарпай туманида 19 ноябрь, пайшанба куни «Matiz» русумли автомашина Нарпай каналига тушиб кетди. Оқибатда машина ичида бўлган йўловчи воқеа жойида ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати.
Маълум қилинишича, 19 ноябрь куни соат 05:20 да Нарпай туманидан ўтувчи 4К-577 автомобиль йўлининг 23-километрида «Matiz» иштирокида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлган. Ҳайдовчи транспорт воситасини маст ҳолда бошқариб, тезликни меъёрдан ошириш оқибатида каналга тушиб кетган. Шундан сўнг ҳайдовчи машинадан чиқишга улгурган, унинг ёнида бўлган йўловчи эса маст бўлгани учун машинадан чиқолмай, сув ютиш оқибатида ҳалок бўлган.
«Йўллар ёритилмаган, йўл чизиқлари чизилмаган. Кўприк ҳам белгиланган тартибда тўлиқ жиҳозланмаган. Бу бўйича масъул ташкилот ва идораларга тақдимномалар киритилган ва масала юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда», дейилади хабарда.
Ҳайдовчининг сўзларига кўра, у ҳудуддаги 36-мактабда қоровул бўлиб ишлайди ва шу куни қариндоши билан биргаликда қоровулхонада спиртли ичимлик истеъмол қилган. Кейин улар яна спиртли ичимлик ичиш мақсадида машинада кўчага чиққан. Йўлда эса ҳайдовчи уйқисираб, машина бошқарувини йўқотган ва Нарпай каналига тушиб кетган. Шундан кейин у машина ён ойнасидан чиқиб, бетон тўсиққача сузиб келган ва ҳушидан кетган. Машина салонида қолган амакиси эса воқеа жойида ҳалок бўлган.
Aввалроқ Нарпайда «Epica» каналга тушиб кетиши оқибатида ҳайдовчи вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Кейинчалик учқўрғонлик ҳайдовчи «Damas» машинасида Фарғона каналига тушиб кетгани хабар қилинган.
Мавзуга доир:
Шунингдек, Самарқандда каналга тушиб кетган автомобиль олиб чиқилгани, аммо машина салонидан ҳайдовчи топилмагани хабар қилинган. Кейинроқ каналга тушиб кетган автомобиль билан боғлиқ воқеа тафсилотлари маълум бўлган.