«Коллежларнинг жойи шу вазирликда, олий таълимда эмас». Президент коллежлар тизими тўлиғича Меҳнат вазирлигига ўтказилишини маълум қилди

Шавкат Мирзиёев 21 январь куни Бухоро вилоятига келиб, вертолётда Олот туманига йўл олиб, табиий офатдан зарар кўрган аҳоли билан учрашгани ҳақида хабар берилган эди. Президент ушбу йиғилишда коллежлар тизими тўлиғича Меҳнат вазирлигига ўтказилишини маълум қилди. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Хабарга кўра, Шавкат Мирзиёев Олот туманида вилоят фаоллари билан бўлиб ўтган йиғилишда асосий эътиборни ишсизликни бартараф этишга қаратган ва мутасаддиларга мономарказлар, маҳаллаларни коллежларга бириктириш бўйича топшириқ берган:

 «Барча коллежлар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфига ўтказилади. Ўзи коллежларнинг жойи шу вазирликда, олий таълимда эмас. Сабаби, вазир Нозим Ҳусанов коллежларга аниқ буюртмалар шакллантириб беради. Коллежлар эса ҳар бир ҳудудларга зарур бўлган мутахассисларни тайёрлайди.

Масалан, ҳозирги кунда пайвандчиларга талаб катта. Ана шундай касбни коллежлар тизимида ўргатиб, сертификат ҳам берилади. Ҳунар ўргангандан кейин чет элга борса ҳам иши юришаверади. Бундан ташқари, автомобиллар таъмирловчи, сартарош, этикдўз каби ўнлаб ҳунарлар бор. Мана, ишсизлик, темир дафтарни тугатиш бўйича аниқ режа. Мономарказларни, маҳаллаларни шу коллежларга бириктиринглар. Бу масалани атрофлича ўрганиб, қарор тайёрланглар».

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Бухорода табиий офатдан зарар кўрган аҳоли билан мулоқот қилгани ҳақида хабар берилганди.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев Бухородаги 65 миллион долларлик корхонани бориб кўргани ҳақида хабар берилган. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Бухоро шаҳридаги давлат хизматлари маркази ва «IT-Park»ни бориб кўргани ҳақида хабар берилган.