Тошкентда музлама сабаб 6 та автомобиль иштирокида «авария» бўлди — фото

Пойтахтда музлама сабаб 6 та автомобиллар олдинма-кетин тўқнашди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати

Маълум қилинишича, 22 январь куни соат 17:00 атрофида, Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, Янги Юнусобод кўчасида жойлашган кафе рўпарасида, ҳайдовчи, 2001 йилда туғилган Х.Х. «Нексия-2» русумли автомобилда ҳаракатланаётиб тезликни пасайтирган вақтида, унинг ортидан келаётган: 1996 йилда туғилган С.Н. бошқарувидаги «Нексия-3» русумли; 1977 йилда туғилган Н.Р. бошқарувидаги «Эпика» русумли; 1984 йилда туғилган М.С. бошқарувидаги «Нексия-2» русумли; 1993 йилда туғилган А.В. бошқарувидаги «Матиз» русумли; 1992 йилда туғилган И.Р. бошқарувидаги яна бир «Матиз» русумли автомобиллар иштирокида олдинма-кетин тўқнашув содир бўлган.

Фото: Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати

«Тўқнашув оқибатида тан жароҳати олганлар йўқ. Мазкур ЙТҲ юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Барча ҳайдовчилардан тезлик меъёрига амал қилиб, об-ҳаво шароитини инобатга олган ҳолда, оралиқ масофани сақлаб ҳаракатланишларини сўраб қоламиз», дейилади ЙҲХББ хабарида.

Фото: Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати

Аввалроқ Наманганда бошқарувни йўқотган «Spark» йўл четига ағдарилиб кетгани ва Навоийда отаси мастлиги учун машинани 10 ёшли бола бошқаргани хабар қилинган эди. Шунингдек, Бухорода автобус ёниб кетгани ҳамда унинг ёниб кетиш сабаби очиқланди.

Янгиликлар