Бухородаги автобуснинг ёниб кетиш сабаби очиқланди
Бухоро вилояти Бухоро туманида автобус ёниб кетгани хабар берилганди. Ёнғин автобуснинг двигатель қисмидаги электр симларининг қисқа туташуви сабаб келиб чиққан. Бу ҳақда «Daryo» нашри вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасига таяниб хабар берди.
Маълум қилинишича, 17 январь, якшанба куни соат 09:18 да Бухоро туманидаги Шергирон маҳалласи ҳудудида жойлашган автобекатда ҳайдовчи З.О. бошқарувидаги «Isuzu»да ёнғин келиб чиққан. Ёнғин ҳақидаги хабар туман Фавқулодда вазиятлар бўлимининг навбатчилик қисмига соат 09:19 да келиб тушган бўлиб, 2 та ёнғинга қарши экипаж оловни 09:33 да ўчирган. Ёнғин оқибатида тан жароҳати олганлар аниқланмаган. Шунингдек, хабарда «Амир Транс»га тегишли 2016 йилда ишлаб чиқарилган оқ рангли, давлат рақами 80 870 EAA бўлган Isuzu автобусининг мотор ва салон қисми ёниб кетгани айтилган.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Намангандаги газ заправкада навбатда туриб, ёниб кетган «Damas»нинг фотосуратлари эълон қилингани ва Чилонзордаги чорраҳада «Nexia» ёниб кетгани хабар қилинган эди.