Янги Ангрен ИЭСда содир бўлган портлаш бўйича жиноят иши очилди

Янги Ангрен ИЭСда портлаш содир бўлиб, 3 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди. Бош прокуратура ҳолат юзасидан жиноят иши очилгани тўғрисида «Tez News»га маълум қилди.

Кадр: Telegram

Хабарга кўра, ҳолат юзасидан Ангрен шаҳар прокуратураси олиб борган терговга қадар текширув ҳаракатлари якунланган. Бунга асосан, Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми «а, б» бандлари (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш одам ўлиши ва бошқа оғир оқибатлар келиб чиқиши) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 20 январь куни соат 11:42 да Янги Ангрен иссиқлик электр станциясининг профилактика чораларини кўриш учун тўхтатилган 5-энергия блокида чанг-кўмирли ҳаво аралашмасининг чақнаши содир бўлган.

Режали хизмат кўрсатиш пайтида содир бўлган ҳодиса оқибатида уч киши олинган жароҳат сабабли вафот этган, яна уч киши турли даражада куйиш тан жароҳатини олган. Вафот этган ва жароҳат олганлар 5-энергия блокида профилактика ишларини олиб бораётган хизмат кўрсатиш ходимлари бўлган.

Аввалроқ Тошкентда мебель цехи ёниб кетгани маълум қилинган эди. Шунингдек, Тошкентда йирик кийим-кечак дўкони ҳамда Aндижон шаҳридаги пойабзал сақлаш омборида ёнғин келиб чиққани ҳамда Чиноздаги «Пахта нефтьбазаси»да ёнилғи цистернаси ёниб кетгани маълум қилинган.

Янгиликлар