Қўқонда автомашина салонидан 1 млн сўмлик телефон ўғирлаган шахс қўлга олинди
Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида 15 август куни қаровсиз қолдирилган автомашинадан нархи 1 миллион сўмлик телефон ўғирлаган шахс қўлга олиниб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, Қўқон шаҳрида 15 август куни номаълум шахс Нажжот кўчаси олдида дераза ойнаси очиқ ҳолатда қаровсиз қолдирилган фуқаро А.Б.нинг «Labo» автомашинаси салонида бўлган нархи 1 миллион сўмлик «Redmi-5» русумли телефон аппаратини яширин равишда ўғирлаб кетган. Фуқаро А.Б. шу куни ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар Ички ишлар бошқармасига мурожаат қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғирлик) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
«Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни Б.А. содир этганлиги аниқланиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейилади хабарда.
Маълумот учун, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Аввалроқ Наманганда 15 300 долларлик маиший техника буюмларини сотиб юборган сохта дилер, Самарқандда машинадан 2 800 000 сўм ҳамда атир ўғирлаган 3 фуқаро ҳамда Фарғонада 1 миллион сўмлик телефон ўғирлаган шахс қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.