Олтиариқда ўзини ДХХ ходими деб таништирган фирибгар қўлга олинди

Фарғона вилояти Олтиариқ туманида яшовчи 25 ёшли Ҳамдамжон Юнусжонов ўзини Давлат хавфсизлик хизмати ходими деб таништириб, 2 нафар фуқарони чув туширган. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Таъкидланишича, Ҳамдамжон Юнусжонов тадбиркор Д.С. билан танишиб қолган ҳамда унинг хусусий боғча очиш ниятида юрганлигидан хабар топган. Унга дастлаб Департаментнинг Фарғона вилоят бошқармаси ходими эканлигини айтиб, имтиёзли кредит олишида ёрдам беришини билдирган. Tадбиркор билан бу масалада Тошкент шаҳрига бориб, бир қатор юқори идораларга кирган.

Кейинчалик фуқаро Давлат хавфсизлик хизматининг Олтиариқ туман бўлими тезкор ходими, деган сохта гувоҳнома ясаб, тадбиркор танишига шу идорада ишлашини маълум қилган. Қалбаки гувоҳномага Д.С.нинг якка тадбиркорлик муҳрини унга билдирмасдан босиб олади. Ишхонада ҳайфсан олганлиги ва ойлик иш ҳақи кам чиққанлигини Д.С.га айтиб, ундан 600 минг сўмни алдаб олган ва шахсий эҳтиёжи учун ишлатиб юборган.

Шундан сўнг Юнусжонов фуқаро Ш.С. билан жорий йилнинг январь ойида Фарғона шаҳрида учрашиб қолиб, ўзини Темур деб таништирган. У синглисининг туғилган кунига тилла тақинчоқ олиб бериши учун 100 доллар бериб туришини сўраб, ёнида бўлган 875 минг сўм пулни олган. Шунингдек, Ш.С.дан онасининг бетоблигини айтиб, 500 минг сўм ҳамда нархи 2 миллион 400 минг сўм бўлган уяли телефонини ҳам олиб, телефонни сотиб юборган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан фирибгарнинг жинояти фош этилиб, қалбаки хизмат гувоҳномаси ашёвий далил сифатида олинган.

Мазкур ҳолат жиноят ишлари бўйича Ёзёвон туман судида кўриб чиқилиб, Ҳамдамжон Юнусжоновга нисбатан тегишли жазо тайинланди.

Aввалроқ Фарғонада фуқарони Германияга ишга жўнатишни айтиб, 10 миллион сўмга чув туширган шахслар ушлангани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар