Риштонда карантин қоидаларини бузган 2,5 мингга яқин фуқаро жаримага тортилди

Фарғона вилояти Риштон туманида карантин эълон қилинган кундан буён жами 2757 та карантин талабларини бузганлик учун 2461 нафар фуқародан жарима ундирилган. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, Риштон туманида кенгаш депутатлари Б.Эрматов ва М.Мирзабоев туман Санитария-эпидемиология осойишталик маркази бош врачи A.Ортиқов билан қисқача коронавирус пандемиясининг тарқалиши ва унинг олдини олиш билан боғлиқ масалалар бўйича суҳбат олиб борган.

Суҳбат давомида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-модда (Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) 1-қисми бўйича карантин эълон қилинган кундан буён жами 2461 нафар фуқародан жарима ундирилган. Шу вақт оралиғида карантин талабларини бузиш бўйича 2757 та ҳолат аниқланган.

Ушбу модданинг 2-қисми бўйича карантинда автомашина бошқарув қоидасини бузиш бўйича 17 нафар ҳамда тўй маросимларида карантин талабларига амал қилинмагани учун 2 нафар қоидабузар жаримага тортилганлиги маълум қилинган.

Aввалроқ Фарғонада салкам 1 ой ичида 243 та тўй карантин талабларига зид ҳолда ўтказилганлиги ҳақида хабар берилганди.