Шаҳрихон туман прокуратураси ходимларидан норози бўлган фуқаронинг мурожаати юзасидан расмий баёнот берилди
Андижон вилояти прокуратураси Facebook’даги Азизбек Шамситдиновнинг саҳифасида Шаҳрихон туман прокуратурасининг ходимлари ҳаракатлари устидан норози бўлиб, эълон қилинган мурожаати юзасидан расмий баёнот берди.
Аниқланишича, туман прокуратураси томонидан 2019 йил 21 ноябрда туман тиббиёт бирлашмаси мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми «г» банди (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят ишининг қўзғатилишига туман тиббиёт бирлашмаси мансабдор шахслари томонидан 2018 йилнинг июль ойидан сентябрь ойига қадар бирлашмадаги мавжуд интернет тармоғида аслида бажарилмаган таъмирлаш ишлари учун ҳамда амалга оширилмаган чиқинди ташиш хизматлари турли тадбиркорлар ҳисоб рақамларига жами 35 985 000 сўм бюджет маблағларини ўтказиб берилганлиги сабаб бўлган.
Жиноят иши бўйича туман прокуратурасининг 2019 йил 22 ноябрдаги тафтиш тайинлаш ҳақидаги қарорига асосан Андижон вилояти Давлат молиявий назорати бошқармаси мутахассислари томонидан тафтиш ўтказилган ҳамда тафтиш хулосасига кўра, тиббиёт бирлашмаси мансабдор шахслари жами 92 985 000 сўм пул маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилганлиги аниқланган.
Шунга кўра, дастлабки тергов ҳаракатлари якуни бўйича туман тиббиёт бирлашмасининг собиқ мансабдор шахслари А.У., А.Ш. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси ва бошқа моддалари билан айб эълон қилиниб, жиноят иши 2020 йил 19 февралда Жиноят процессуал кодексининг 388-моддаси тартибида мазмунан кўриб чиқиш учун жиноят ишлари бўйича судга юборилган.
«Жиноят иши Жиноят ишлари бўйича вилоят суди томонидан Жалақудуқ туман судига юборилган ҳамда суднинг 2020 йил 28 июлдаги ҳукмига кўра юқорида қайд этилган шахсларга тегишли жазо чоралари қўлланилган.
Ҳозирда Азизбек Шамситдиновнинг суднинг мазкур ҳукмидан норози бўлиб апелляция тартибида берган шикояти Жиноят ишлари бўйича вилоят судининг апелляция инстанциясида кўрилмоқда», — дейилади прокуратура хабарида.
Аввалроқ Бош прокуратура Тошкент вилояти бош инфекционисти ҳибсга олингани юзасидан расмий баёнот берганди. Шунингдек, Самарқандда 1 миллиард 250 миллион сўмдан ортиқ маблағни талон-торож қилган мансабдор шахслар аниқлангани ҳақида хабар берилганди.