Каттақўрғонда 3 минг бошдан зиёд қорамол немис лойиҳаси асосида қурилган фермаларда парваришланади

Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, янги иш ўринларини ташкил этиш, аҳолига доимий даромад манбаини яратиш ва бюджет тушумларини ошириш учун белгиланган асосий йўналишлар юзасидан туман ҳокимлиги матбуот хизмати маълумот берди.

Маълум қилинишича, туманда охирги 3 йил ичида узоқ ва яқин хориж давлатларидан келтирилган 3 минг бошдан зиёд наслли қорамоллар, асосан, янгича немис лойиҳаси асосида қурилган чорва фермаларида парваришланмоқда. Олиб келинган урғочи наслли молларнинг сунъий уруғлантириш натижасида иккинчи марта бузоқлар олинган. Шунингдек, аҳоли ва фермер хўжаликларининг қарамоғидаги урғочи молларнинг наслини яхшилаш мақсадида туманда жами 24 та сунъий уруғлантириш шаҳобчалари ташкил этилиб, 43 нафар мутахассислар иш билан таъминланган.

Шунингдек, туманда фаолият юритаётган балиқчилик фермер хўжаликларини узлуксиз омухта ем билан таъминлаш мақсадида режалаштирилган 3 та лойиҳадан 2 таси ишга тушган ҳамда 35 та янги иш ўрни яратилган. Лойиҳаларнинг умумий қиймати 21,3 миллиард сўм бўлиб, шундан тадбиркорнинг ўз маблағлари 16,1 миллиард сўм ҳамда банк кредитлари 5,2 миллиард сўмни ташкил этган.

«Мисол учун, «Каттақўрғон Жайҳуни» фермер хўжалиги томонидан жорий йилда 3,2 миллиард сўмлик 120 тоннадан ортиқ балиқ чавоқлари нафақат туман, балки бошқа вилоятлардаги балиқчилик фермер хўжаликларга етказиб берилди. Ҳозирги кунда туманда балиқчилик фермер хўжаликлари сони 84 тага етиб ажратилган ер майдони 532,9 гектар ерни ташкил қилмоқда», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги ер майдонлари атрофидаги зовурлардан унумли фойдаланиш ва шу ҳудуддаги ишсиз аҳолини бандлигини таъминлаш мақсадида зовурлар 50 метрдан 200 метргача бўлиб берилиб, чегаралари тўрлар билан ҳимояланиб, балиқнинг «Оқ амур» турини етиштириш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

Хабарда айтилишича, уч йил олдин туманда ўртача бор-йўғи 160-180 тонна пилла етиштирилган бўлса, озуқа базасини кўпайтириш, янги тутзорлар ташкил этиш ҳисобидан жорий йилда 330 тонна пилла хом ашёси етиштирилди.  Бунда туманда 8 минг фуқаролар мавсумий ҳамда 500 дан ортиқ фуқаролар доимий иш ўрнига эга бўлган.

Президентнинг 2019 йил 11 декабрдаги «Мева-сабзавотчилик ва узумчилик тармоғини янада ривожлантириш, соҳада қўшилган қиймат занжирини яратишга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида туманда 14 та  қишлоқ хўжалик кооперативлари ташкил этилиб, 553 нафар кам таъминланган ҳамда ишсиз фуқароларга 30-50 сотихдан жами 161,4 гектар ер майдони узоқ муддатли ижарага берилган.

Аввалроқ Самарқандда олти ой давомида қанча янги корхона ва ташкилотлар рўйхатга олингани маълум бўлгани, Избосканда эҳтиёжманд оилаларга наслли эчкилар тарқатилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Самарқандга 6 ой давомида чет давлатлардан қанча қорамол келтирилгани маълум қилинган.

Янгиликлар