Ширин шаҳрида машина газ қувурига урилиши оқибатида аҳоли газ таъминотидан узилди

Сирдарё вилояти Ширин шаҳрида 23 ноябрь, душанба куни ҳайдовчи бошқарувни йўқотиши оқибатида автомашина газ қувурига бориб урилди. Оқибатда бутун шаҳар аҳолиси газ таъминотидан вақтинча узиб қўйилди, деб хабар бермоқда шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.

Фото: Ширин шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Маълум бўлишича, 23 ноябрь соат 3:00 да Ширин шаҳар Aмир Темур маҳалласидан ўтувчи ўрта босимли газ тармоғида авария ҳолати юзага келган. Шахси очиқланмаган ҳайдовчи бошқарувни йўқотиши оқибатида автотранспорт воситасини ушбу газ қувурига бориб урган.

Фото: Ширин шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Шу вақтнинг ўзида шаҳар ҳокимлиги ҳамда «Шириншаҳаргаз» газ таъминоти корхонаси ходимлари томонидан муаммо жойида бартараф этилган. Шу муносабат билан газ таъминоти бутун шаҳар бўйлаб соат 3:00 дан 9:00 гача узиб қўйилган.

Фото: Ширин шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Фото: Ширин шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Aввалроқ Қибрайдаги хонадонларнинг бирида газ портлаши оқибатида ота-бола ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Намангандаги ИЭСда юз берган фавқулодда ўчиш туфайли вилоятнинг катта ҳудуди электрсиз қолгани хабар қилинган.