БМТ Ўзбекистонга иқлим ўзгаришларига қарши курашиш учун қанча маблағ ажратгани маълум бўлди

Ўзбекистонда иқлим ўзгариши таъсирига энг заиф бўлган иқтисодиёт тармоқларининг чидамлилигини оширишга ва барқарор ривожланишни таъминлашнинг мавжуд механизмларини такомиллаштиришга қаратилган лойиҳа амалга ошириш бошланди.

Фото: БМТнинг Тараққиёт дастури матбуот хизмати

Маълум қилинишича, лойиҳа фаолияти қишлоқ ва сув хўжалиги, соғлиқни сақлаш, қурилиш сектори, фавқулодда иқлим ҳодисалари оқибатида юзага келган вазиятларни назоратга олиш ҳамда Оролбўйи ҳудудини ривожлантириш каби муҳим тармоқларда қабул қилинадиган қарорларни самарадорлигини оширишга ёрдам беради.

Таъкидланишича, янги лойиҳа Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури кўмагида Яшил иқлим жамғармасининг грант маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси маълум қилишича, лойиҳа 2020 йил 3 декабрь куни бошланган.

Шунингдек, ишлаб чиқилган Миллий мослашиш режаси секторли характерга эга бўлади. Ажратилган молиявий маблағлар 1,6 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Ташаббуснинг асосий мақсади мамлакатга келгуси икки ярим йил ичида иқлимга мослашиш устуворликларини ҳисобга олган ҳолда самарали режалаштириш жараёнини яратишда ёрдам беришдир.

Гидрометеорология хизмати маркази масъулининг айтишича, Ўзбекистонда иқлим ўзгариши инсоният ҳаётининг барча соҳаларига таъсир қилади ва иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини олдини олиш ҳамда ҳаётнинг янги шароитларига мослашиш учун зудлик билан чоралар кўришни талаб қилади.

Аввалроқ Билл Гейтс экологик инқирозни коронавирусдан кўра хавфлироқ деб баҳолагани ва Экологлар Билл Гейтснинг экологик инқироз коронавирусдан хавфлилиги ҳақидаги сўзларини тасдиқлагани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар