Ўзбекистонда IMEI-кодларни рўйхатдан ўтказишдан қанча «даромад» қилингани маълум қилинди
Ўзбекистонда 2020 йилнинг 1 январидан 15 сентябргача жами 3,06 миллион IMEI-кодлар пуллик асосда рўйхатдан ўтказилди. Бу ҳақда Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Шунингдек, «gazeta.uz»нинг ҳисоблашича, 2020 йилда IMEI-кодларни рўйхатдан ўткизишдан йиғилган маблағ тахминан 135,5 миллард сўмни ташкил этади.
Хабарга кўра, 2019 йилнинг 1 январидан 15 сентябргача мамлакатга 58,8 минг дона мобил қурилма импорти амалга оширилган бўлса, 2020 йилнинг шу даврида мобил қурилмаларнинг импорт ҳажми 7,7 баробарга ошган.
Қайд этилишича, бугунги кунда мобил қурилмаларни рўйхатдан ўтказиш тизими орқали 47,14 миллиондан зиёд IMEI-кодлар рўйхатдан ўтказилган. Жумладан:
- 2019 йил 1 апрелдан 2019 йил 1 ноябргача – 42,61 миллион IMEI-кодлари автоматик тарзда;
- 2019 йил 1 ноябрдан 1 декабргача – 1,47 миллионта IMEI-кодлари бепул равишда операторга мурожаат этиш орқали;
- 2020 йилнинг 1 январидан 15 сентябргача – 3,06 миллион IMEI-кодлар пуллик асосда: шундан 691,1 минг дона импорт қилувчилар (22,5 фоиз), 51,5 минг дона маҳаллий ишлаб чиқарувчилар (1,7 фоиз), 2,323 миллион дона жисмоний шахслар (75,8 фоиз) тизимда рўйхатдан ўтказилган.
Мобил қурилмаларни идентификация кодлари бўйича рўйхатга олиш тизими амалиётга жорий этилгандан сўнг 2019 йил 1 ноябрдан 2020 йил 15 cентябрга қадар мобиль қурилмаларнинг импорт ҳажми 911 882 донани (47,3 миллион АҚШ доллари) ташкил этди.
Мобил қурилмалар асосан Хитой, Вьетнам, Ҳиндистон, Бирлашган Aраб Aмирликлари, Гонконг ва Қозоғистон давлатларидан импорт қилинган бўлиб, импорт қилувчилар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 41 тага ёки 2,7 баробарга ошган.
Аввалроқ Ўзбекистонда мобил қурилмаларнинг IMEI-кодлари билан боғлиқ шубҳали ҳолатлар юзасидан баёнот берилгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, давлат божхона қўмитаси IMEI-кодни рўйхатдан ўтказишда келиб чиқаётган муаммолар юзасидан муносабат билдиргани ҳамда Ўзбекистонда мобил қурилмаларни IMEI тизимидан ноқонуний рўйхатдан ўтказиш билан шуғулланган жиноий гуруҳ қўлга олингани маълум қилинди.