Хоразмда «блогер» бозор масъул ходимини қўрқитиб, пора олаётган пайтда қўлга тушди
Хоразм вилояти Урганч шаҳрида яшовчи 23 ёшли йигит ўзини «блогер» деб таништириб, бозор масъулини қўрқитиб, пора олаётган пайтда қўлга олинди. Бу ҳақда «Zamon» информацион дастурида хабар берилди.
Маълум қилинишича, 23 ёшли йигит уяли телефони билан Урганч марказий деҳқон бозорига кириб борган. У бозорда савдо расталари, тадбиркор ва фермерларнинг савдо жараёнини тасвирга олиб, бозор раҳбарияти томон йўл олган.
Йигит савдо жараёни акс этган видеода тартибсиз савдо жараёни тасвирлангани ва уларни ижтимоий тармоқларга тарқатиб юборишини айтиб қўрқитган ва тасвирларни тарқатмаслик эвазига бозор масъулидан бир миллион сўм талаб қилган. Шундан сўнг у бозор масъулидан пулни олаётган пайтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (Товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаралкатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга доир:
Ававалроқ Жиззахда талаба аёлнинг беҳаё суратларини тарқатмаслик учун 8 минг доллар талаб қилган йигит ушлангани ва Самарқандда аёл яланғоч тушган суратларини тарқатмаслик учун танишидан 2 минг доллар талаб қилгани ҳақида хабар қилинган эди. Шунингдек, Ўзбекистонликлар ўтган 10 ойда фирибгарлар томонидан қанчага «ухлатилгани» маълум қилинган.