Самарқандда жами 4 та стадионда тест синовлари ўтказилади

Самарқанд вилоятида тест синовларини ўтказиш учун 4 та катта сиғимдаги стадион танлаб олинган. Бу ҳақда «Tez News» мухбири хабар бермоқда.

Фото: «Tez News»

Булар Самарқанд шаҳри темир йўл вокзали ҳудудидаги «Локомотив» футбол майдони, Сартепо масканидаги Самарқанд шаҳар 2-сонли болалар ва ўсмирлар спорт мактаби стадиони, Кимёгарлар шаҳарчасидаги «Нурафшон» футбол стадиони ва спортнинг эшкак эшиш турлари бўйича республика ихтисослаштирилган олимпия захиралари болалар-ўсмирлар спорт мактабидаги махсус жойда тест имтиҳонлари олинади.

Фото: «Tez News»

Бу стадионларда 131 349 нафар абитуриент тест синовларини топширишлари кутилмоқда. Aбитуриентларга карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилишлари ҳамда тест топширишлари учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида стадионлар атрофи ўраб олинмоқда, дезинфекцион коридорлар ташкил қилиняпти, тунги ёритиш чоралари кўрилмоқда.

Фото: «Tez News»

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимовнинг маълум қилишича, ҳар бир тест ўтадиган жойларда штаблар ва сервер хоналари ташкил этилиб, жараённи кузатиш ҳамда онлайн узатиш учун зарур шарт-шароит яратиляпти. Шунингдек, масъул ташкилотлар тест ўтказилиши белгиланган ҳудудларда санитария-тозалик чора-тадбирларини кўрмоқда, вилоят транспорт бошқармаси томонидан абитуриентларнинг келиб кетишлари учун барча қулайликларни яратиш бўйича аниқ режа белгиланяпти.

Эркинжон Турдимов тест имтиҳонлари топширадиган йигит-қизларнинг ота-оналарига, ака-опалари ҳамда яқин кишиларига мурожаат қилиб, тест топширадиган ёшларни қўллаб-қувватлаш учун уларнинг ортидан келмаслигини билдирди. Бу карантин талабларининг бузилишига олиб келишини таъкидлади.

«Биз учун халқимизнинг саломатлиги ҳар нарсадан устун. Билимли, имтиҳонларга пухта тайёргарлик кўрган, ва албатта, омадли абитуриентларнинг талаба бўлишлари учун етарли шароит яратиб берилади. Тест имтиҳонлари топшириладиган барча жойларда кузатув камералари ўрнатилади ва бу жараён интернет орқали ижтимоий тармоқларда онлайн узатилади», — дейди Эркинжон Турдимов.

Эслатиб ўтамиз, Бухорода кириш имтиҳонлари 10 кун давомида 3 та спорт марказида ўтказилиши ҳамда Ўзбекистонда очиқ спорт майдонидаги илк имтиҳонлар «МИСиС» Олмалиқ филиалида ўтказилгани ҳақида хабар қилинганди.