Бухорода кириш имтиҳонлари 10 кун давомида 3 та спорт марказида ўтказилади (фото)

Бухоро вилоятида олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини 10 кун давомида 3 та спорт марказида ўтказиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Бухоро вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Хабарда қайд этилишича, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Фарҳод Умаров ҳамда вилоят прокурори Дилшод Файзиев «Бухоро спорт мажмуаси» ва «Умид» спорт-соғломлаштириш марказида имтиҳон ўтказиш учун олиб борилаётган тайёргарлик ишлари билан танишди.

Фото: Бухоро вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Масъулларга кириш имтиҳонларини карантин талабларига амал қилган ҳолда шаффоф ўтказиш борасида барча ташкилий чораларни кўриш юзасидан топшириқлар берилди. Жумладан, дезинфекцион ва кириш-чиқиш йўлаклари, кузатув мосламаларини белгиланган меъёрларга мувофиқ тарзда тайёрлаш ва ўрнатиш кераклиги таъкидланди.

Фото: Бухоро вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Маълумот учун, 2020 йил Бухорода ОТМларга кириш синовлари «Бухоро» ўйингоҳи, «Умид» спорт-соғломлаштириш маркази стадиони, «Дилкушо» теннис мажмуаси кортларида ўтказилади. Имтиҳонлар 2 сентябрдан бошланиши назарда тутилмоқда. Тест синовлари икки сменада олиб борилади. Бир сменада 3 минг 300 кишидан 10 кун давомида имтиҳон топширилади.

Аввалроқ Самарқандда тест синовлари 11 кун давомида 4 та очиқ майдон ва 3 та стадионда ўтказилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда ОТМларга тест синовисиз тавсия этиш ҳуқуқига эга вазирлик, идора ва йирик хўжалик бирлашмаларининг рўйхати тасдиқлангани, ДТМ раҳбари тест синови вақти 2 соатга қисқаришини маълум қилгани, республика бўйича бир кунда 100 минг абитуриент имтиҳон топшириши режалаштирилаётганлиги ҳамда тест саволлари соддалаштирилиши ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар