Ўзбекистонда халқ таълими ходимларининг электрон портфолиоси қачондан шакллантирилиши маълум бўлди

Президентнинг 25 январь куни қабул қилинган «Халқ таълими соҳасидаги илмий-тадқиқот фаолиятини қўллаб қувватлаш ҳамда узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан ҳар бир халқ таълими ходимининг электрон портфолиоси шакллантирилади.

Фото: «UzReport»

Мазкур қарорга мувофиқ, 2021 йил 1 мартдан:

  • халқ таълими ходимларининг малака ошириш бўйича эҳтиёжлари ўрганилади ҳамда уларнинг индивидуал касбий ривожланиш траекторияси тузилади;
  • ҳар бир халқ таълими ходимининг электрон портфолиоси шакллантирилади;
  • касбий ўқитишнинг уйғунлашган, иш жараёни билан биргаликда олиб бориладиган, масофавий ва бошқа турлари жорий этилади.

Бундан ташқари, қарор билан 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб:

  • малака тоифасини бериш ва сақлаб қолиш бўйича мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш йил давомида амалга оширилади;
  • узрли сабабларга кўра (меҳнатга лаёқатсизлик, ҳомиладорлик, туғиш ҳамда болани парвариш қилиш таътили ва бошқалар) аттестациядан ўтмаган педагог кадрлар иш фаолиятига қайтганларига бир йил тўлгандан сўнг аттестацияга жалб этилади ва мазкур давр мобайнида уларнинг малака тоифаси сақлаб қолинади (ўз ташаббусига кўра аттестациядан ўтмоқчи бўлган педагог кадрлар бундан мустасно).

Шунингдек, Халқ таълими вазирлиги томонидан халқ таълими ходимлари малакасини ошириш фаолияти билан шуғулланаётган нодавлат таълим ташкилотларининг электрон реестри юритилади. Давлат бюджетидан маблағлар фақат Реестрга киритилган нодавлат таълим ташкилотларига ажратилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда ўқитувчиларга вақтинчалик тўхтатилган устамалар қачондан тўланиши маълум қилинган эди.