Ўзбекистонда педагогик тайёргарлик модуллари ишлаб чиқилади

Ўзбекистонда 2021 йил 1 июнга қадар педагогик тайёргарлик модуллари ишлаб чиқилади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Huquqiy axborot» Telegram каналида маълум қилинди.

Фото: Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Абдулла Авлоний номидаги халқ таълими муаммоларини ўрганиш ва истиқболларини белгилаш илмий-тадқиқот институти республика халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказларида олий таълим ташкилотларининг педагогик бўлмаган бакалавриат таълим йўналишларида таҳсил олаётган талабалари учун педагогик тайёргарлик модуллари ишлаб чиқилади.

Модуллар бўйича бакалавриатнинг сўнгги икки босқичида таҳсил олаётган талабалар ўқишга қабул қилинади. Ўқиш тамомлангач, талаблар модулларни ўзлаштирганлик тўғрисидаги сертификат эга бўлади. Сертификат талабаларга олий таълим ташкилотида ўқишни битирганидан сўнг қайта тайёрлаш курсларидан ўтмасдан мутахассислигига оид фанлардан умумий ўрта ва профессионал таълим ташкилотларида педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини беради.

«Халқ таълими соҳасидаги илмий-тадқиқот фаолиятини қўллаб қувватлаш ҳамда узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорига кўра, институт ходимларининг хориждаги етакчи илмий марказларда малакасини ошириши режа-графиги тасдиқланди. Графикда белгиланган йилларда жами 32 нафар ходимнинг хориждаги етакчи илмий марказларда малака ошириши назарда тутилган.

Институтда 2021 йил 1 июнга қадар қуйидагиларни тайёрлаш йўлга қўйилади:

  • тўлов-контракт асосида «Таълим менежменти» ва «Катталар таълими» бир йиллик магистратура мутахассисликлари бўйича кадрларни;
  • «Таълимда менежмент», «Фанларни ўқитиш назарияси ва методикаси» ҳамда «Электрон таълим назарияси ва методикаси» ихтисосликлари бўйича педагогика фанлари докторларини (PhD, DCc).

Аввалроқ Ўзбекистонда халқ таълими ходимларининг электрон портфолиоси қачондан шакллантирилиши ва Ўзбекистонда ўқитувчиларга вақтинчалик тўхтатилган устамалар қачондан тўланиши маълум қилинган эди.

Янгиликлар