Қоракўлдаги халқаро математика мактаби янги биносининг қурилишига 50 млрд сўм ажратилгани маълум бўлди

Бухоро вилояти Қоракўл туманида 50 миллиард сўм ажратилган халқаро математика мактаб биносининг қурилиш ишлари 85 фоизга якунланди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Қоракўл туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Ўзбекистонда ягона бўлган Қоракўлдаги халқаро математика мактабининг шахсий ўқув биноси йўқлиги сабаб Президент топшириғига кўра мактабга бино қуриб бериш учун 50 миллиард сўм ажратилган. Шунингдек, ҳозирда қурилиш ишларининг 85 фоизи якунланган. Халқаро олимпиада мактаби директори Темур Рўзиевнинг маълумот беришича, мактаб фаолиятига 10 йил тўлган.

«Мактабимиз шу давр мобайнида ҳатто ўз биносига ҳам эга эмасди. Шу сабаб Президентимиз топшириғига кўра, бизга 720 ўринли янги мактаб қуриб берилмоқда. Янги бинода 320 ўринли ётоқхонадан ташқари 50 ўринли меҳмонхона ҳам мавжуд бўлади», — дейди директори.

Фото: Қоракўл туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, мактабда 460 нафар ўқувчи таҳсил олади. 2020 йилги кириш имтиҳонларида мактабдаги 48 нафар битирувчининг барчаси ОТМ талабасига айланган. Темур Рўзиев мактаб ҳар йили 90 нафар ўқувчини қабул қилишини ҳамда ўқувчилар Давлат тест маркази томонидан тузилган тестларни ечиб, натижаларига қараб ўқишга қабул қилинишини таъкидлаган.

Хабарга кўра, ушбу таълим даргоҳида фаолият юритувчи ўқитувчилар 8 миллион сўмгача маош олади. Мактаб директори эса 6—6,5 миллион сўм маошга фаолият юритади.

Аввалроқ Учкўприкда 120 ўринли мактаб биноси, Тошлоқда эса 120 ўринли мактаб филиали очилгани хабар қилинган. Шунингдек, Жондорда 7 та йўналишда таълим берувчи 2 та касб-ҳунар мактаби анъанавий шаклда фаолиятини бошлаганди.

Янгиликлар