Тошлоқда 120 ўринли мактаб филиали очилди
Фарғона вилояти Тошлоқ туманида 120 ўринга мўлжалланган 4-мактаб филиали очилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Тошлоқ туманидаги 4-мактаб ҳудуддаги ўқувчи сиғими бўйича энг катта мактаблардан бири ҳисобланадиган мактаб филиали очилган. Мактаб «Каттакўча» ва «Сўфилар» маҳалла фуқаролар йиғинидаги ўқувчиларни қамраб олган. 4-мактаб 640 ўринга мўлжалланган бўлиб, ҳозирда мактабда 1112 нафар ўқувчи таҳсил олади.
«Каттакўча» маҳалласига қарашли «Тожик қишлоқ» маҳалласи 4-мактабдан энг олис ҳудуд ҳисобланади. Президентнинг 2020 йил 10 январдаги «2020—2022 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан айнан шу маҳаллада бошланғич синф ўқувчиларига мўлжалланган 4-мактаб филиали биносини қуриш режалаштирилган.
2020 йилнинг июль ойида 120 ўринга мўлжалланган мактаб филиалининг қурилиш ишлари бошланган. Давлат бюджетидан ажратилган 1 230 миллион сўм маблағ сарф этилиб, таълим муассасаси ўқувчилар иҳтиёрига топширилган.
Мактаб филиалининг очилиш маросимида Тошлоқ тумани ҳокими Абдуқаҳҳор Жўрабоев, туман халқ таълими бўлими мудири Абдумажид Солиев, таълим муассасаси ўқитувчи ва ўқувчилари ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этган. Тадбир давомида мактаб калити директор Илҳомжон Турсуновга топширилиб, 1-синфга қабул қилинган ўқувчиларга эса Президент совғалари топширилган.
Аввалроқ Учкўприкда 650 нафар ва 1000 дан ортиқ ўқувчига мўлжалланган касб-ҳунар мактаби очилган. Шунингдек, Данғарада салкам 300, Фурқат туманида эса 1200 ўринга мўлжалланган касб-ҳунар мактаби очилгани хабар қилинганди.