Сирдарёда математикага ихтисослаштирилган «Қоракўл мактаби» фаолиятини бошлади (фото)
Сирдарё вилояти Гулистон туманида 26 октябрь куни Қоракўл халқаро математика мактаби билан ҳамкорликдаги мактаб-интернат фаолиятини бошлади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати «Теz News»га хабар берди.
Таъкидланишича, вилоят ҳокими Ғофур Мирзаевнинг топшириғи билан бир қатор масъуллар 2019 йил Қоракўл мактабида музокоралар олиб борган. Натижада 2020 йил 2 март куни Сирдарё—Қоракўл мактаб-интернатига асос солинган.
Қайд этилишича, мактаб-интернатда ўқувчиларга 3 йўналишда таълим берилади. 2020/2021 ўқув йилида мактабга 500 нафар ўқувчи ҳужжат топширган бўлиб, улардан 240 нафари қабул қилинган. Муассасада математика, физика, кимё, биология ва инглиз тили фанлари чуқурлаштириб ўргатилади.
Ўқув жараёни «Қоракўл мактаби» билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ўқув режалар ва дастурлар бўйича амалга оширилади. 12 нафар бухоролик мутахассислар ўқувчиларга дарс беради. Ҳар бир ўқувчининг ўзлаштириш кўрсаткичи мониторинг қилиниб, индивидуал ишланади.
Маълум бўлишича, мактаб биносининг қурилиши учун маҳаллий буджетдан 10 миллиард сўм маблағ ажратилган. Лойиҳада 240 ўринга мўлжалланган икки қаватли ўқув биноси, шунча ўринга мўлжалланган ётоқхона, спорт зал, ошхона, дарсхоналар мавжуд.
Аввалроқ Қоракўлдаги Халқаро математика мактаби мутахассислари томонидан сирдарёлик педагогларга «мастер клас» ўтилгани ҳақида хабар берилганди.