Ўзбекистонда 2020 йилда битирувчилари ОТМга кирмаган мактаблар сони маълум бўлди

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов 26 январь куни Сенат Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг мажлисида 2020 йилда умуман битирувчиси олий таълим муассасаларига кирмаган мактаблар сонини маълум қилди.

Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати

Унинг сўзларига кўра, 2020 йилда олий таълим муассасаларига ҳужжат топширган мактаб битирувчилари сони 2 баробарга ошиб, абитуриентларнинг 23 фоизини ташкил этган. Ажратилган давлат квотасининг 34 фоизини (2019 йилда — 23 %) мактаб битирувчилари эгаллаган. Шу билан бирга, умуман битирувчиси олий таълим муассасаларига кирмаган мактаблар сони 3 бараварга (2019 йилда — 2126 та, 2020 йилда — 692 та) камайган.

Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати

Таъкидланишича, тизимдаги педагог-кадрларнинг сифат таркиби яхшиланиб, олий тоифали ўқитувчилар сони 9,4 фоиз, биринчи тоифали ўқитувчилар сони 6 фоизга ошган. Бундан ташқари, 2020 йилда математика фанидан 56 та, кимё-биология фанидан 28 та, информатика ва АКТ 14 та ихтисослаштирилган мактаб ташкил этилган. 2020–2025 йилларда халқ таълими тизимида инклюзив таълимни ривожлантириш концепцияси қабул қилинган.

Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати

Мажлисда, шунингдек, 2020 йилда 175 мактаб таълим сифати қониқарсиз, деб баҳоланганлиги сабабли аккредитациядан ўтмагани таъкидланган. Ўқувчиларнинг умумий ўзлаштириш даражаси Сирдарё вилоятида 60,7 фоиз, Тошкент вилоятида 62,4 фоиз, Жиззах вилоятида 62,7 фоиз, Андижон вилоятида 64,2 фоиз, Наманган вилоятида 64,4 фоизни ташкил этиб, республика кўрсаткичидан паст даража қайд этилган. Назорат ишлари ўтказилган умумтаълим фанларидан ўқувчиларнинг ўзлаштириш даражаси физика фанидан 54,6 фоиз, кимё фанидан 54 фоиз натижага эришган.

Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати

Аввалроқ Шерзод Шерматов Қашқадарёдаги 20 та мактаб директорини ишдан бўшатгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Сирдарё туманида 5 та мактаб директори ишдан бўшатилгани маълум қилинган.

Янгиликлар