Путин дунё бўйлаб кузатилаётган қашшоқлик ҳақида гапирди

Россия президенти Владимир Путин Давос форумида жаҳон иқтисодиётининг долзарб муаммолари, жумладан, қашшоқлик ҳақида гапириб ўтди.

Фото: «Accosiated Press»

Россия раҳбарининг таъкидлашича, 30 йил давомида бир қатор ривожланган мамлакатлар фуқароларининг ярмидан кўпида даромадлар реал равишда ўсмаган. Таълим ва соғлиқни сақлаш хизмати эса уч бараварга қимматлашган.

«Ҳатто бой мамлакатларнинг миллионлаб одамлари даромадида ўсиш тўхтаб қолди», — дейди Путин.
Президентнинг сўзларига кўра, дунё тобора талаб мавжуд бўлмаган одамларга тўлиб бормоқда. У Халқаро Меҳнат Ташкилотининг статистик маълумотларига асосланиб, дунёдаги 267 миллион ёшлар ҳеч қаерда ўқимаган ва ишламаслигини айтган. Ишлайдиганларнинг 30 фоизи эса кунига 3,2 доллардан паст даромадга эга.

«Глобал ижтимоий-иқтисодий ривожланишдаги бундай номутаносибликлар ўтган асрнинг 80 йилларида олиб борилган сиёсатнинг бевосита натижаси саналади. Бунга энг катта сабаб Вашингтон консенсуси ҳисобланади», — дея тушунтирди Путин.

Маълумот учун, Вашингтон консенсуси — ХХ аср охиридан бошлаб бир қатор халқаро молия институтлари томонидан ғайриғарб мамлакатларига нисбатан амалга ошириладиган иқтисодий сиёсий лойиҳа. Лойиҳа асосида иқтисодиётни давлат томонидан бошқаришнинг «эскирган» Кейнс моделини неолиберал монетар моделга алмаштириш туради. Монетаризм сиёсати миллий бозорларни трансмиллий капиталга кенг очиб қўйишни кўзда тутади. Бу лойиҳани амалга ошириш жаҳон бойликларини ТМКлар ва «олтин миллиард» мамлакатлари манфаати йўлида қайта тақсимлашни кучайтириш имконини берди. Шарқий Европанинг кўпгина таниқли иқтисодчилари Вашингтон консенсуси моделига қарши чиққан. Бунинг сабаби шуки, бундай сиёсат давлатни иқтисодиётдан суриб чиқаришга ва иқтисодиётнинг криминаллашувига олиб боради.

Аввалроқ дунёда пандемия сабаб қанча одам ишсиз қолгани маълум қилинган эди. Шунингдек, 2020 йилнинг иккинчи чораги меҳнат бозори учун кутилганидан кўра аянчлироқ келиши, ушбу даврда 300 млндан ортиқ иш ўрни йўқотилиши мумкинлиги тахмин қилинган.

Янгиликлар