Қашқадарёда ЙПХ ходими ва ҳайдовчи ўртасида жанжал юзага келгани айтилган хабар юзасидан муносабат билдирилди

Қашқадарё вилояти Шаҳрисбаз туманида 25 январь куни ҳужжатлари йўқлиги сабаб йўл патруль хизмати ходимига қаршилик кўрсатиб, воқеа жойидан кетиб қолган ҳайдовчига суд томонидан 8 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати

Маълум қилинишича, ижтимоий тармоқда «ГАИ ходими ва шопир ўртасидаги жанжал» сарлавҳаси остидаги видео лавҳа тарқалган. Видео лавҳа ўрганилганда, 25 январь куни белгиланган тақсимот асосида Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани Чоршанбе қўрғонида хизмат олиб борган ЙПХ ходимлари Б.Хўжақулов ва Х.Йўлдошевлар томонидан соат 12:10 атрофида ушбу ҳудуддда жойлашган тиббиёт бирлашмаси биноси рўпарасида ҳаракатланиб келган, давлат рақам белгиси бўлмаган «Cobalt» автомобили тўхтатилган.

ЙПХ ходими меъёрий ҳужжатларини сўраган вақтида, ҳайдовчи ҳужжатлари йўқлигини маълум қилган. Шунингдек, ходим белгиланган тартибда чора кўриши зарурлигини айтган вақтида ҳайдовчи ходимларга қаршилик кўрсатган ва ўзаро тортишув сабаб атрофда фуқаролар тўпланишига сабаб бўлган. Ҳайдовчи қаршилик кўрсатишда давом этиб, автомобилда воқеа жойидан кетиб қолган.

Шундан сўнг, ЙПХ ходими белгиланган тартибга кўра, ЙҲХБ бошлиғи номига билдирги орқали мурожаат қилган. Билдирги асосида суриштирув ишлари олиб борилиб, ҳайдовчи аниқланган ва унга нисбатан тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқишлик учун Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз туман судига юборилган.

Суд томонидан ҳайдовчи О.Х. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 194-моддаси 1-қисми ва 195-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарликларни содир этган дея топилиб, 8 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Аввалроқ Сурхондарёда пиёдани уриб кетиб, воқеа жойидан яширинган ҳайдовчи қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар