Тошкентдаги божхона постида расмийлаштирувини тезлаштириш учун пул ундириб келган гуруҳ қўлга олинди

Тошкент вилоятида жойлашган «Яллама» чегара-божхона постида товламачилик йўли билан пул ундириб келган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва Давлат божхона қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида Хитой давлатидан Қозоғистон орқали Ўзбекистонга импорт товарларини ташиш билан шуғулланувчи автофура ҳайдовчиларининг Тошкент вилоятида жойлашган «Яллама» чегара-божхона пости орқали ўтишлари жараёнида божхона расмийлаштирувини тезлаштиришни баҳона қилиб, улардан товламачилик йўли билан пул ундириб келган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилган.

Дастлабки суриштирув ҳаракатлари давомида, мазкур жиноий гуруҳ сохта ҳужжатлар ёрдамида товар-моддий бойликлар импорти билан ҳам шуғулланганлиги аниқланган. Натижада улардан 410 минг АҚШ доллари, турли кўринишдаги 21 дона сохта муҳр ва штамплар, компьютер техникалари ҳамда божхонага оид шубҳали ҳужжатлар ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.

Хабарда айтилишича, жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган, уларнинг икки нафар етакчисига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Янгиликлар