Тошлоқда кредит тўламаган тадбиркордан 278 млн сўм ундирилди

Фарғона вилояти Тошлоқ туманида кредит тўламаган тадбиркордан 278 миллион сўм ундирилди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси ахборот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Фото: Мажбурий ижро бюроси Фарғона вилоят бошқармаси ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Мажбурий ижро бюроси Тошлоқ туман бўлими иш юритувида жавобгар «Фирдавс Ҳилол Файз» МЧЖ ва қўшимча жавобгар «Муктафин» хусусий корхонасидан «Микрокредитбанк» АТБ Фарғона вилояти филиали фойдасига 1 миллиард 250 миллион сўм кредит қарзи ва 53 миллион 750 минг сўм фоизи — жами 1 миллиард 317 миллион сўм қарзни ундирилиши керак. Бу ҳақидаги фуқаролик ишлари бўйича Марғилон туманлараро судининг 2019 йил 21 декабрдаги ижро варақаси ижроси бўйича ижро ҳужжати мавжуд. Мажбурий ижро ҳаракатлари жараёнида «Фирдавс Ҳилол Файз» МЧЖ томонидан банкдан кредит олишда гаровга қўйилган кўчмас мулк бино-иншоотлари хатланган ва электрон онлайн савдоларда бир қисми сотилиб, бир қисми қарздордан ундирилган. Шунда 278 миллион сўм кредит қарзи қопланмасдан қолган.

Фото: Мажбурий ижро бюроси Фарғона вилоят бошқармаси ахборот хизмати

У «Фирдавс Ҳилол Файз» МЧЖ банкдан кредит олиши учун Тошлоқ тумани Садда қишлоғида жойлашган бозор баҳоси 1,5 миллиард сўм бўлган тикувчилик цехи бино-иншоотлари қўйган. Тадбиркор банк кредитини қарздорнинг ўзи тўлаши кераклигини қанчалик хоҳламасин, лекин айнан ўзи кредит олишда кафил бўлганлиги боис суд қарори асосида гаровга қўйилган кўчмас мулк бино-иншоотлари хатлаш ижро ҳаракатлари бошланган.

Шундан сўнг тадбиркор 278 миллион сўм кредит қарзини нақд шаклда Бюронинг туман бўлимига келтириб берган ва суд қарори ижроси тўлиқ таъминланган. Ижро ҳужжати бўйича иш юритуви тамомланиб, ижро варақа судга қайтарилган.

Аввалроқ Булоқбошида «Агробанк» масъуллари ижро ҳаракатидан бўйин товлагани учун 5,5 миллион сўмдан ортиқ жарима, Бешариқда эса пахта тозалаш заводидан тадбиркор фойдасига 40 миллион сўм ундирилганди. Шунингдек, Пайариқдаги мактабдан 42 млн сўмдан ортиқ солиқ қарздорлиги ундирилгани маълум қилинганди.

Янгиликлар