Ўзбекистонда 2020 йилда қурилиш материаллари соҳасида неча сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилгани маълум бўлди

Ўзбекистонда 2020 йилда қурилиш материаллари соҳасида жами 22 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, ўсиш 109 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси матбуот хизмати маълум қилди.

Фото: «Tez News»

Жумладан, цемент — 12 537,4 минг тонна (2019 йилга нисбатан 114,1 фоиз), қурилиш ойнаси — 20,2 миллион квадрат метр(111,9 фоиз), гипсокартон — 61 миллион квадрат метр (101,8 фоиз), гулқоғоз — 2 миллион ўрам (2,4 баравар) каби қурилиш материаллари ишлаб чиқарилган.

Шунингдек, 2020 йил январь-декабрь ойларида маҳаллийлаштириш дастури доирасида жами 787,8 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, белгиланган режа 109,7 фоизга бажарилиши таъминланган (2019 йилга нисбатан 1,9 баравар).

Қайд этилишича, 2020 йилда импорт ўрнини босувчи гулқоғоз, керамик плитка, керамик санитар-техника буюмлари, линолеум, безакли ойна, бетонлар ва қурилиш эритмалари учун қўшимчалар ва шу каби қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ўзлаштирилган.

Аввалроқ Ўзбекистонда ишончлилик даражаси юқори бўлган бирорта қурилиш компанияси йўқлиги маълум бўлганди.

Янгиликлар