Тошкентда чегарадан дрон ёрдамида юборилган тўппончани сотиб олган 2 эркак қўлга тушди — видео
Тошкент вилояти Тошкент туманида ўзбек-қозоқ давлат чегарасида дрон ёрдамида Қозоғистондан ноқонуний юборилган тўппончани сотиб олган 2 эркак қўлга тушди.
Хабарга кўра, Тошкент шаҳрида яшовчи икки фуқаро ўзбек-қозоқ давлат чегараси яқинида дрон ёрдамида Қозоғизистондан контрабанда йўли билан юборилган ўқотар қуролларни сотиб олган вақтларида қўлга олинган. Улар ушбу қуролни Қозоғизистон фуқаросидан 4 минг долларга сотиб олгани аниқланган.
Шунингдек, экспертиза хулосасига кўра, ушбу қурол ўқ отиш учун яроқли ҳолатдаги «Макаров» тўппончаси эканлиги ва ўқдонида 6 дона ўқ бўлган. Таъкидланишича, ушланганларнинг иккиси ҳам аввал судланган. Бири 2012 йилда Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш), 2019 йилда 169-моддаси (Ўғрилик) билан айбли деб топилган.
Аввалроқ Бўстонлиқда «Nexia-3» юкхонасида ноқонуний қуролларни олиб кетаётган ҳайдовчи қўлга тушгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Самарқандда 100 долларга 4 та ўқ-дори сотган шахс қўлга олингани ҳақида хабар берилган.