Ўзбекистонда 2020 йилда 356 нафар ёш оила учун уй-жойлар қуришга 11,6 млрд сўм ажратилади

Ўзбекистонда «Мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарори қабул қилинди.

Маълум қилинишича, 27 август куни қабул қилинган қарор билан Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи Марказий кенгаши томонидан уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган ёш оила сифатида ҳисобга қўйилган ва тавсиянома берилган ёш оилалар учун 2019—2020 йилларда қурилган ёшлар уйлари рўйхати тасдиқланган.

Қарорга кўра:

  • 2019 йилда ёшлар учун қурилган 558 та уйнинг дастлабки бадали учун 30 миллиард сўм;
  • 2020 йилда қуриладиган уй-жойлар учун 356 нафар ёш оилага уй-жой қиймати дастлабки бадалининг 65 фоизигача бўлган қисмини молиялаштириш учун 11,6 миллиард сўм маблағлари қўшилган қиймат солиғини қўшган ҳолда ажратилиши белгиланган.

Низомга мувофиқ, ёш оилаларга дастлабки бадал сифатида тўланган ссудани ва унга ҳисобланган фоизларни ундириш бўйича Ёшлар ишлари агентлигида Ёш оилаларга ажратилган уй-жойлар билан ишлаш бўйича назорат гуруҳи ташкил этилиши режалаштирилган. Шунингдек, назорат гуруҳи Ёшлар Иттифоқи ҳудудий кенгашларининг ссуда ва фоизларнинг ўз вақтида қайтарилиши бўйича фаолиятини мувофиқлаштириши кўзда тутилган.

Қарорда келтирилишича, ҳудудий кенгашлар ссуда ва фоизларни қайтармаган ёш оилаларга бир иш кунида нотариус орқали ёзма билдиришнома юбориши ва билдиришнома талаблари бажарилмаганда нотариус томонидан ижро хати расмийлаштирилиб, Мажбурий ижро бюроси ҳудудий бўлимларига юборилади ва қарздорликни ундириш чоралари кўрилиш қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ йил якунига қадар Фарғона чўлларида 1400 та намунали уйлар қурилиши ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Бухорода 660 та оилага мўлжалланган 22 та кўп қаватли уй қурилаётгани маълум қилинди. Бундан ташқари, Наманганда 100 дан ортиқ арзон хонадон 20 йиллик имтиёзли кредит асосида аҳолига топширилиши режалаштирилган эди.

Янгиликлар