Фарғонада танишини Россияга жўнатишни айтиб, уни 900 долларга «ухлатган» шахс ушланди

Фарғона вилояти Фарғона шаҳрида товламачилик билан танишидан 900 доллар ундирган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, 28 май куни Ш.С. шаҳар марказида жойлашган ошхона олдида А.У.нинг ишончига кириб, 900 доллар эвазига Россиядан иш топиб бериши ва жўнатишини айтиб, пулларни олган. Сўнг ваъдасини бажармасдан, алдов йўли билан қўлга киритган пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот ўрнида, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Аввалроқ Олтиариқда танишининг пластик картасидаги салкам 2,5 миллион сўм пулларни ечиб олган шахс ушлангани, Ўзбекистон туманида фуқародан салкам 18 миллион сўмлик темир ҳавозаларини олиб, бошқа кишига сотиб юборган вояга етмаган шахсга чора кўрилгани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар