Ўзбекистонда 1 апрелдан боғча пули ошиши мумкин

Ўзбекистонда давлат мактабгача таълим ташкилотларида болалар таъминоти учун ота-оналар тўлови миқдорларини 2021 йилнинг 1 апрелидан бошлаб ўртача 15 фоиз оширилиши мумкин.

Фото: «Tez News»

Бу ҳақда 28 январь куни эълон қилинган Вазирлар Маҳкамасининг «2021 йил учун давлат мактабгача таълим ташкилотларида болалар таъминоти учун ота-оналар тўлови миқдорларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори лойиҳасида айтиб ўтилган. Мазкур қарор лойиҳаси бош вазир ва Президент администрацияси раҳбари ҳузурида ўтказилган йиғилиш баёнига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Ушбу қарор лойиҳасида 2021 йил учун давлат мактабгача таълим ташкилотларида болалар таъминоти учун ота-оналар тўлови миқдорларини тасдиқлаш назарда тутилмоқда. Амалда давлат мактабгача таълим ташкилотларига ота-оналар тўловидан тушган маблағлар тўлиқлигича болани овқатлантириш харажатларига йўналтириб келинаётгани таъкидланган.

Шунингдек, «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат буджети тўғрисида»ги қонунга асосан 2021 йилда истеъмол нархлари индекси 9-10 фоиз миқдорда бўлиши прогноз қилинган. Шунга кўра, қарор лойиҳасида давлат мактабгача таълим ташкилотларида болалар таъминоти учун ота-оналар тўлови миқдорларини 2021 йилнинг 1 апрелидан бошлаб ўртача 15 фоиз ошириш белгиланган.

Қайд этилишича, Навоий вилоятининг Ғозғон шаҳри ва Сурхондарё вилоятининг Бандихон туманларида жойлашган давлат мактабгача таълим ташкилотларида ота-оналар тўлови миқдорлари икки баравар камайтирилган ҳолда белгиланиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Зангиотадаги боғчада қарийб 1 млрд сўм талон-торож қилингани аниқлангани ҳақда хабар берилган.