Aсакада фуқарони калтаклаб, пул талаб қилган 2 нафар босқинчи қамоққа олинди

Aндижон вилояти Aсака туманида фуқарони калтаклаб, пул талаб қилган 2 нафар босқинчи шахс қамоққа олинди. Бу ҳақда Республика Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 24 август куни соат 22:30 да 2 нафар номаълум шахс юзига ниқоб тақиб, Aсака тумани «Отиш» МФЙ Қўрғонолди кўчасида яшовчи 28 ёшли фуқаро И.Н.нинг яшаш хонадонига девор ошиш йўли билан кирган. Номаълум шахслар фуқаро И.Н.ни қўли ва оғзини скотч билан боғлаб, юзи ва танасининг бошқа жойларига қўллари билан урган ҳамда пул беришини талаб қилган. Aммо хонадон эгаси фаол қаршилик кўрсатганлиги сабабли ҳодиса жойидан яширинишган.

Мазкур ҳолат юзасидан тергов-тезкор гуруҳи томонидан ҳодиса жойини кўздан кечириш жараёнида қонга ўхшаш доғлар, бир дона чалабзар пичоқ, оёқ изи мавжуд бўлган тюнер аппарати, скотч бўлаклари ҳамда ҳодиса содир бўлган жойдан 250 метр узоқликда қўлбола усулда тикилган бир дона оқ-қора рангли ниқоб ва қонга ўхшаш доғлари бўлган бир жуфт оқ рангли резина қўлқоп борлиги аниқланган ва тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.

Ҳолат юзасидан Aсака тумани Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши бўйича олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида мазкур жиноятни 19 ёшли Р.М. ва Т.A.лар содир этганлиги аниқланган. Фуқаро Т.A.дан қўлбола усулда тикилган бир дона оқ рангли ниқоб ва бир дона оқ рангли резина қўлқоп расмийлаштириб олинган.

Шунингдек, қўлга олинган шахсларга нисбатан айбланувчи тариқасида қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Aндижонда бир бош қорамол ўғирлаган шахслар уни 7 миллион сўмга сотаётган вақтида қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Aндижонда фуқарога 20 миллион сўм эвазига ер олиб беришни ваъда қилган фирибгар қўлга олингани маълум қилинди. Бундан ташқари, Балиқчида 900 грамм нашани қарийб 2 миллион сўмга сотаётган шахс қўлга олинганди.

Янгиликлар