Шавкат Мирзиёев Яшнобод туманида барпо этилаётган уй-жойларни бориб кўрди (фото)
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентнинг Яшнобод туманида барпо этилаётган уй-жойларни бориб кўрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, «Aссалом, соҳил» деб номланган 23 гектарлик бу мажмуада 22 та 9—16 қаватли уй қурилмоқда. Уларда 3236 хонадон бўлади.
Конструкциялар 9 баллдан юқори амплитудадаги сейсмик чидамлиликка эга. Деворлар 3 қопламали бўлиб, хонадонлар қишда илиқ, ёзда салқин бўлишини таъминлайди. Ҳар бир хонадон модуль типидаги алоҳида иситиш қозони билан жиҳозланади. Уйлар кўчиб келиш учун тайёр ҳолатда топширилади. Харидорлар талаби ва имкониятига қараб, уларда комфорт, бизнес ва эконом классдаги шароитлар яратилади.
Мажмуа ҳудудида болалар боғчаси ва мактаб, спорт ва ўйин майдончалари, дўконлар, кафелар, савдо маркази барпо қилинади.
Маълум қилинишича, давлат раҳбари мажмуанинг шоурумида бўлган. Уйларга сифатли хизмат кўрсатиш, аҳолининг дам олиши, болалар тарбияси учун шароитларни кенгайтириш бўйича тавсиялар берган.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев хориж тажрибаси асосида қурилган енгил конструкцияли коттежларни ҳам кўздан кечирган. Бу уйлар арзонлиги, ўн кунда битказилиши билан ажралиб туради, буюртма асосида бир неча хил шаклда қуриб берилади.
Аввалроқ Президент Тошкент метрополитенининг Юнусобод йўналишида бўлиб, «Бодомзор» бекатидан янги «Туркистон» бекатигача поездда боргани ва Тошкентнинг Aҳмад Дониш ва Фарғона йўли кўчаларида амалга оширилган қурилиш ишлари билан танишгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Президент биринчи босқичи битказилган ерусти ҳалқа метросига ташриф буюрган.