Шавкат Мирзиёев Яшнободдаги 1500 та иш ўрнига эга маиший совутгичлар ишлаб чиқариш заводини очиб берди (фото)

Яшнобод туманидаги Технопаркда 29 август куни маиший совутгичлар ишлаб чиқариш заводи фойдаланишга топширилди. Шавкат Мирзиёев рамзий тугмани босиб, корхонани очди, деб хабар берди Президент матбуот хизмати.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари жамоатчилик вакиллари билан бирга ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди. Умумий қиймати 51,5 миллион AҚШ доллари бўлган корхонада Жанубий Кореянинг «Samsung Electronics» компанияси технологияси ўрнатилган. Ускуналарни монтаж қилиш ва лойиҳани ишга туширишга ҳам кореялик мутахассислар жалб қилинган.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Собиқ авиация заводи тўхтаб, қаровсиз қолиб кетган эди. Кейинги йилларда ундан фойдаланиш бўйича кўрган чораларимиз аста-секин ўз натижасини бераяпти. Булардан мақсадимиз — одамларни ишли қилиб, ойлик бериш, рақобатбардош маҳсулот чиқариб, экспорт қилиш», — деди Шавкат Мирзиёев.

Корхонада ишлаб чиқариш жараёни тўлиқ автоматлаштирилгани натижасида ҳар 19 секундда битта маҳсулот тайёрлаш мумкин. Юқори қўшимча қийматга эга бу совутгичларнинг 30 фоизини экспорт қилиш кўзда тутилган. Бу ерда 1500 та иш ўрни яратилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, давлат раҳбари жамоатчилик фаоллари билан мулоқотда саноатни маҳаллийлаштириш масалалари ҳақида гапирди. Хусусан, 2016 йил якунида 100 минг тонна атрофида мис ишлаб чиқарилган бўлса, бу йил охирида 150 минг тоннага етказилиши таъкидланди. Келгусида 400 минг тонна режа қилинган.

Мазкур технопарк 2019 йил августда ташкил этилган. Бу ерда 2020—2021 йилларда 15 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши режалаштирилган. Барча лойиҳалар бажарилгандан кейин жами ишлаб чиқариш ҳажми йилига 800 миллион AҚШ доллари бўлиши мўлжалланган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Aввалроқ Президент Тошкентнинг Aҳмад Дониш ва Фарғона йўли кўчаларида амалга оширилган қурилиш ишлари билан танишгани ва биринчи босқичи битказилган ерусти ҳалқа метросига ташриф буюргани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар