«Namangan city» қурилиши бошқа ҳудудга кўчирилади

Наманган шаҳрининг «Беруний», «Гулистон» ва «Фурқат» маҳаллаларида қурилиши режалаштирилган «Namangan city» лойиҳаси вилоят ҳокимининг топшириғига асосан бошқа ҳудудга кўчирилади. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Фото: Наманган шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, ушбу ҳолат юзасидан айрим фуқаролар орасида тушунмовчилик келиб чиқиб, «Namangan square» лойиҳаси тушунилган. Ислом Каримов кўчасидаги «Namangan square» қурилиш объектида ҳозирда 2 та кўп қаватли уйлар, булвар, савдо марказининг қурилиш ишлари олиб борилмоқда.

Фото: Наманган шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

«Ҳурматли фуқаролар, ҳеч қандай ҳавотирга ўрин йўқ. Сиз танлаган замонавий иморатларни айни пайтда қурилиши давом этмоқда. Тез кунларда Эгизак миноралар ҳам қурилиши бошланади. Бу эса Наманганнинг замонавий кўринишига кўрк қўшади», дейилади ҳокимлик хабарида.

Аввалроқ Наманганнинг янги ҳокими «Namangan city» қарорини бекор қилган эди. Шунингдек, Бухорода қурилаётган «Bukhara City»га 600 миллион доллар инвестиция жалб қилиниши, Наманганда 123 миллион долларлик лойиҳа асосидаги тематик парк фаолияти йўлга қўйилгани ҳақида хабар берилганди.