Қувасойда қаровсиз қолдирилган мотоциклни ўғирлаган шахслар ушланди

Фарғона вилояти Қувасой шаҳрида 15 миллион сўмлик қаровсиз қолдирилган мотоциклни ўғирлаган шахcлар ушланди. Бу ҳада вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, 22 cентябрь куни фуқаро Г.Д. ИИБга мурожаат қилиб бу ҳақда маълум қилган. Унинг мурожаатига кўра, 21 сентябрь кунига ўтар кечаси номаълум шахс Ўрмончилар кўчасида жойлашган ер участкаси олдида қаровсиз қолдирилган нархи 15 миллион сўмлик «Zongshen» русумли мотоциклини олиб қочиб, ҳодиса жойидан яширинган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Қувасой шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 267-моддаси 2-қисми «г» банди (Транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Маълум қилинишича, олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни Т.К. ва A.Ш. содир этганлиги аниқланиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 267-моддаси 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Аввалроқ Бешариқда «Lacetti»ни олиб қочган вояга етмаган ҳамда Марғилонда «Жигули»ни олиб қочиб, вояга етмаган фуқароларни уриб юборган шахсларга жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Андижонда автомобиль ювиш шохобчасининг вояга етмаган ишчиси 3 август кунига ўтар кечаси раҳбарининг машинасини олиб қочгани маълум қилинди.

Янгиликлар