Тўрақўрғон туманидаги мактаб-интернатнинг барча битирувчилари талабаликка қабул қилинди
Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида жойлашган Ибрат номидаги мактаб-интернатининг барча битирувчилари талабаликка қабул қилинди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, Тўрақўрғон туманидаги хорижий тилларга ихтисослашган мактаб-интернатининг 2020 йилги 40 нафар битирувчисиининг барчаси олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган.
«Ўқувчиларимизнинг аксарияти (19 нафари) Ўзбекистон жаҳон тиллари университетига тест имтиҳонларини муваффақиятли топшириб, юқори кўрсаткичга эришдилар. Шунингдек, мамлакатимиздаги университет, институтлар ҳамда халқаро ОТМларнинг республикамиздаги филиаллари талабасига айланган йигит-қизларимиз ҳам кўп», — дейди муассаса директори Гулчеҳра Қаюмова.
Қайд этилишича, тумандаги мактаб-интернат битирувчиларининг хорижий тиллар йўналишидаги ОТМларда ўқиш даври давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилади. Яъни талабалар давлат гранти асосида таҳсил олади.
Аввалроқ Қоракўлда Халқаро математика мактабининг барча битирувчилари талабаликка қабул қилингани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Андижонда қайси мактабдан энг кўп битирувчи талабаликка қабул қилингани маълум бўлган.