Қўштепада мобиль илова орқали фуқаронинг пластик картасидан 550 минг сўм ўғирлаган шахс қўлга олинди

Фарғона вилояти Қўштепа туманида 30 сентябрь, чоршанба куни мобиль илова орқали фуқаронинг пластик картасидан 550 минг сўм пул ечиб олган шахсга жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 8 сентябрь куни О.М. фуқаро Р.Д.га тегишли пластик карта ҳисобида бўлган 550 000 сўм пулни «Online Kredit» номли мобил илова орқали жабрланувчига сездирмасдан яширин равишда ўғирлаган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қўштепа тумани ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) 3-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан суд томонидан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Маълумот учун, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Аввалроқ Қувада танишининг пластик картасидан икки миллион сўмдан зиёд пулларни ечиб олган шахс ушлангани ҳамда Наманганда фуқарони 200 минг долларга чув туширган фирибгарга жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар