Олтиариқда бегонанинг ётоқхонасидан 12,3 млн сўм ўғирлаган ўсмир ушланди

Фарғона вилояти Олтиариқ туманида бегонанинг ётоқхонасидан 12 300 000 сўм пул, ёритгич ускунаси ва хотира карталарини ўғирлаган вояга етмаган шахс аниқланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.

Фото: «Tez News»

Маълум қилинишича, Олтиариқ туманида 22 октябрь куни Дўстлик кўчасида яшовчи Ч.А. ИИБга мурожаат қилган. Мурожаатда номаълум шахс яшаш хонадонига ғайриқонуний равишда кириб, ётоқхонасидаги жавонда бўлган 12 300 000 сўм пул, 15 000 сўмлик ёритгич ускунаси ва 50 000 сўмлик 32 GBлик хотира карталарини яширин равишда ўғирлаб кетгани маълум қилинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Олтиариқ тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) 2-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Олиб борилган қидирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни вояга етмаган Э.А. содир этганлиги аниқланиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинган.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми «г» бандида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Аввалроқ Фарғона туманида 6,5 миллион сўмлик техника воситаларини ўғирлаган эркак, Олтиариқда амакиваччасининг уйидан 850 доллар ўғирлаган бола қўлга олинганди. Шунингдек, Фарғона шаҳрида фуқародан 13 минг долларлик кийимларни олиб, пулини бермаган аёлларга жиноят иши қўзғатилганди.

Янгиликлар