Ўзбекистонда туғма юрак нуқсони бор болалар 8 кун давомида бепул текширилади

Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида 2 ноябрдан 8 ноябргача туғма юрак нуқсони бор болаларга бепул ташхис қўйиш мақсадида хайрия акцияси бўлиб ўтади. Бу ҳақда марказ матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Фото: «fondforumuz»

Маълум қилинишича, дунё бўйича чақалоқларнинг 0,8−1,2 фоизи туғма юрак нуқсони билан туғилади. Ўзбекистонда йилига 600 минг чақалоқ туғилса, уларнинг 5000 нафардан кўпроғи мазкур туғма нуқсон билан дунёга келади.

Таъкидланишича, мазкур тиббиёт марказида мавжуд туғма юрак нуқсонлари бўлими 50 ўринга мўлжалланган. Қайд этилишича, ҳар йили мазкур бўлимда 750 нафарга яқин туғма юрак нуқсони бор болада жарроҳлик амалиётлари ўтказилади.

«Акция туғма юрак нуқсонидан азият чекиб келаетган болаларнинг соғлиғини тиклаш ва соғлом ҳаётга қайтариш мақсадида ўтказилмоқда», — дея маълум қилди тиббиёт маркази маъмурияти.

Аввалроқ доктор Нодир Ибатов Ўзбекистонда биринчи марта ультратовушли ринопластика усулини қўллагани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Ўзбекистонда Корея билан ҳамкорликда тиббиёт олийгоҳи ва онкология маркази ҳамда Зангиотада Ўрта Осиёда ягона бўлган фармацевтика кластери ташкил этилиши маълум қилинганди.

Янгиликлар