Тошкент ерусти ҳалқа метросининг «Дўстлик-2» бекатидан «Қўйлиқ» бекатигача бўлган йўналиши — суратларда

Тошкент метрополитенининг янги ерусти ҳалқа метроси — «Дўстлик-2» бекатидан «Қўйлиқ» бекатигача бўлган йўналиши 30 август куни фаолиятини бошлади. Бекатлар орасида 4 вагондан иборат 4 та поезд ҳаракатланади, бир кунда 40 минг йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга. Бу ҳақда «Tez News» мухбири «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти капитал қурилиш дирекцияси бошлиғи ўринбосари Aзизбек Aбдиевга таяниб хабар берди.

Ерусти ҳалқа метроси лойиҳаси бешта босқичда амалга оширилиши режалаштирилган. Иккинчи босқичда Қўйлиқ бозори билан Тошкент ерости метросининг «Олмазор» бекати боғланади. Учинчи бўлиб «Беруний», ундан кейин «Бодомзор» бекатигача бўлган қисм қурилади. Сўнгги босқичда эса ҳалқа метро линияси яна «Дўстлик» бекатига уланади. Бу йўлларнинг жами узунлиги қарийб 55 километр, бекатлар 35 та бўлади.

«Ерусти ҳалқа метросининг ‘Дўстлик-2’—‘Қўйлиқ’ йўналиши узунлиги 11,5 километр бўлиб, 7 та бекатдан иборат. 1- ва 2-бекатлар орасидаги масофа — энг узун йўл 3 километрни ташкил этади.

Йўловчиларнинг ‘Дўстлик’ бекатидан янги ерусти метросига ўтиши ҳеч қандай тўловларсиз амалга оширилади. Ушбу йўналишларда фойдаланиш учун Россиядан 5 та таркиб олиб келинган бўлиб, уларнинг тўрттаси 12 дақиқа оралиғида ҳаракатланади. Битта таркиб доимий равишда захира вазифасини бажаради.

Метрода ҳаракат хавфсизлиги таъминланган, темир-бетон конструкциялардан қилинганлиги, лойиҳа зилзилабардошлилиги лойиҳалаш институтлари томонидан Тошкент шаҳрининг сейсмик кўрсаткичларидан келиб чиқиб, 9 балли зилзилага мослаб тайёрланган. Қурилиш вазирлиги томонидан экспертизадан ўтказилган.

Ҳозирги биринчи босқичда 300 дан ортиқ ишчи ўрни яратилди, бир кунда 40 минг йўловчига хизмат кўрсатиш имконига эга.

Aзизбек Aбдиев, «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти капитал қурилиш дирекцияси бошлиғи ўринбосари

Фото: «Tez News»

Фото: «Tez News»

Фото: «Tez News»

Фото: «Tez News»

Фото: «Tez News»

Фото: «Tez News»

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 29 август куни биринчи босқичи битказилган ерусти ҳалқа метросига ташриф буюргани хабар қилинганди. Маълум бўлишича, лойиҳа ишлари 2017 йилда бошланган. Қурилишнинг бориши давлат раҳбарининг доимий эътиборида бўлган.