Чирчиқда 10 млрд сўмдан ортиқ пулга қурилган боғча фойдаланишга топширилди (фото)

Мактабгача таълим вазирлиги томонидан 6 ноябрь куни Тошкент вилоятида пресс-тур ташкил этилди. Мазкур пресс-тур доирасида Чирчиқ туманидаги 24-сонли боғчанинг очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди, деб хабар берди «Tez News» мухбири.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, Давлат божхона қўмитаси томонидан туманнинг Тўқбой маҳалласида ташкил этилган мазкур боғча қурилишига 10 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилган бўлиб, жами 160 ўринга мўлжалланган. Маълум қилинишича, маҳаллада бунга қадар умуман боғча бўлмаган. Ҳозирда боғча икки сменада қисқа муддатли фаолият олиб боради. Яъни биринчи сменада соат 8:00 дан 12:00 гача ҳамда иккинчи сменада соат 13:00 дан 17:00 га қадар болаларга машғулотлар ўтилади.

Фото: «Tez News»

Шунингдек, боғча ташкил этилиши натижасида 30 нафар педогог иш билан таъминланади. Лекин қисқа муддатли фаолият олиб борилаёгани сабаб айни вақтда 14 нафар педагог ишга олинган. Таъкидланишича, мазкур мактабгача таълим ташкилотидаги қисқа муддатли гуруҳлар ҳафтада 2 кун ингилиз тили, мусиқа тўгаракларига жалб қилинган. Ушбу тўгараклардан олий малумотли ўқитувчи-педагоглар дарс ўтади.

«Tez News» мухбирининг хабар беришича, очилиш маросимда мактабгача таълим вазирининг 1-ўринбосари иштирок этиб, Давлат божхона қўмитасига миннатдорлик билдирган:

«Бугун маҳалла учун қувончли кун. Маълумки, сўнгги 4 йил ичида республикада мактабгача таълим ташкилотларининг сони 2,5 бараварга ошди. Ушбу МТТ Давлат божхона қўмитаси томонидан янгидан қурилиб, маҳаллага тақдим этилди. Мактабгача таълим вазирлиги раҳбарияти Давлат божхона қўмитаси ўзининг миннатдорчилигини билдиради. Мен маҳаллани шундай янги боғча билан табриклайман. Ўйлайманки, ушбу мактабгача таълим ташкилотида тарбия олган болалар келажакда яхши инсон бўлиб етишади».

Фото: «Tez News»

Фото: «Tez News»

Фото: «Tez News»

Фото: «Tez News»

Фото: «Tez News»

Фото: «Tez News»

Маълумот учун, Тошкент вилоятида 789 та мактабгача таълим ташкилоти, жумладан, 481 та давлат, 26 та идоравий, 112 та хусусий, 18 та давлат хусусий шерикчилик асосидаги ва 152 та оилавий мактабгача таълим ташкилоти мавжуд. Шунингдек, 2020 йилнинг 3-чораги ҳолатига кўра, Тошкент вилоятида мактабгача таълимга болаларни қамраб олиш кўрсаткичи 49,5 фоизни ташкил этди. Ўтган уч йил мобайнида Тошкент вилоятида мактабгача таълим ташкилотлари сони 1,8 баробарга ошган.

Бундан аввал Шофирконда қиймати салкам 4 миллиард сўм бўлган боғча ва Учкўприкда қиймати 2,5 миллиард сўм бўлган боғча фойдаланишга топширилгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Андижон шаҳрида қиймати салкам 4,5 миллард сўм бўлган хусусий боғча ҳамда Бухоро туманида қиймати 2 миллиард сўмдан ортиқ бўлган МТТ очилгани маълум қилинган.

Янгиликлар