Шавкат Мирзиёев БАА делегациясини қабул қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 28 ноябрь куни Бирлашган Араб Амирликлари Ҳукумат ишлари бўйича вазири Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Гаргавий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Учрашув аввалида, Ўзбекистон – БАА дўстлиги ва стратегик шериклигини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, жорий йилнинг январь ойида БААга амалга оширилган олий даражадаги ташриф давомида эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Кейинги йилларда БАА ҳукумати билан 40 дан ортиқ йўналишларда 300 дан зиёд ташаббуслар, жумладан, «Ҳукумат акселератори», «Бир миллион дастурчи» ва «Ёш етакчилар» каби муҳим дастурлар амалга оширилгани қайд этилди.

Давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик бўйича қабул қилинаётган янги беш йиллик дастурни кенг кўламда амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.

Бюрократияни камайтириш, сунъий интеллект соҳасида 5 миллион нафар промпт-муҳандисни ўқитишда БААнинг илғор тажрибасини жорий этиш ҳамда «Ёш авлод» ва «Китоб челленжи» лойиҳаларини йўлга қўйиш бўйича ҳамкорлик режаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, бўлажак олий даражадаги тадбирларга пухта тайёргарлик кўришга келишиб олинди.

Жамият